Очликнинг бешинчи куни онларидаги орзулар….

 

20131108_121540Бугун эрта тонгда ошқозоним оғриб турдим. Бошим айланмоқда. Ошқозон, елка ва бўйинларда сезиларли  оғриқ бор. Шунга қарамай ўзимни бардам ҳис қилишга уринаяпман. Умумий аҳволим қониқарли даражада.

Икки кундан буён брокер ва Sam’s Klub ходими мен билан музокара олиб бормоқда.

Брокернинг хаёлини мен олиб келган юкни қабул қилиб олиш банд этган, холос. Қолган муаммолар билан сариқ чақалик иши йўқ,  уни менинг камситилишга қарши бошлаган курашим қизиқтирмайди ҳам.

Кеча брокер менга “Траиллерни Sam’s Klub юк қабул қилиш бўлими ёнига олиб бор, сени Крис деган йигит кутиб туради ва сенга траиллирингни бўшатиш учун эшик(Dock) ажратади” деганди.

Душaнба куни соат 17.30 дан буён менинг троким ушбу Sam’s Klubнинг ёнидаги енгил машиналар паркинг қиладиган жойда турибди.

Брокернинг илтимосига биноан  соат кундузги 12.00 лар атрофида трокимни Sam’s Klubнинг юк қабул қилиш майдонига олиб бордим.

Қора танли йигит чиқиб, траиллерни қолдириш учун жой кўрсатди. Мен у билан гаплашиб  ўтирмадим.  У айтган жойда траиллеримни қолдириб, юк қоғозларни уларнинг гувоҳлигида траиллернинг олди қисмига бириктирдим.

Юк қабул қилувчи ва ўша ерда юрган қўриқчи (security) траиллирнинг тамғаси(seal) бутун эканлигини кўздан кечиришди.

Бугун тонгда траиллиримни қараб келдим. Траиллир ўзим қўйиб келган ерда турибди. Фақат тамға(сеал) ёнига қулф осиб қўйилган.

Sam’s Klub ходимлари афтидан траиллиримни бўшатмаслик ортидан ўзларича мени янада кўпроқ азоблашни режа қилишган чамаси.

Маями шаҳри АҚШнинг энг жанубий қисмида жойлашганидан хабарингиз бўлса керак, тупик жой.

Ушбу шаҳарга биргина шимолдан йўл бор, холос. Қайтишда ҳам шимол томонга қараб  юрилади.

Маямида оқ ва қора  танли инсонлар истиқомат қилишади. Шаҳар аҳолисининг асосий қисми испан тилида сўзлашади.

Кўча куйда ҳам аксарият одамлар, асосан, испанча гаплашишади.

Маями АҚАШнинг чекка ҳудудида жойлашганлиги сабабли ҳам Sam’s Klubнинг ушбу шаҳарда жойлашган бўлими ходимлари ҳайдовчиларга менсимай, беписандлик билан муомала қилишса, ажаб эмас.

Улар учун трок ҳайдовчиларнинг заррача қадри йўқ.

Шу боис ҳам улар биз кабиларнинг тиллога тенг вақтимиз билан ҳисоблашмайди, келтирилган юкларимизни ўз вақтида қабул қилиш ўрнига, аксинча, ўзлари истаган  муддатга кечиктирадилар, вақтни асоссиз алмаштирадилар, хуллас, ўз билганларича иш тутадилар.

Траиллиримизни лоақал ўзлари белгиланган муддатда юкдан ҳоли қилишса, кошkи эди. Йўқ, бундай қилишмайди. Ўзлари хон – кўланкалари майдон ҳолда ҳатто ўзлари белгилаган вақт етиб келган тақдирда  ҳам юкларни туширишни атай яна 2-3 соат ортга суришади.

Маямидаги Sam’s Klub ходимлари негадир трок ҳайдовчиларини саргардон қилишни, сарғайтиришни хуш кўришади.

Натижада, Sam’s Klub ходимларининг “шарофати” билан кун ўтиб, тун киради, ҳайдовчининг бир куни ҳавога соврилади. Ёқилғини беҳуда сарфлашга маҳкум этилади.  Қарабсизки, Sam’s Klub мутасаддиларининг айби билан трок ҳайдовчилари бира йўла икки томонлама – ҳам вақтдан, ҳам сармоядан бой беради. Беҳуда кутиш жараёнидаги маънавий ва руҳий қийноқларни-ку, қўяверинг, асло сўраманг.

Асабларидан айрилишни ҳоҳламаган, вақтидан, моддий жиҳатдан ютқазишни истамаган мен каби ҳақ талаб қилгувчилар чиққудек бўлса, Sam’s Klubдагилар  “жазо чораси” сифатида – юк қабул қилиш муддатларини асоссиз равишда бекор қилади-қўяди. Жуда бўлмаганда, трок ҳайдовчисининг асабларини аралаш илинжида траиллирни юкдан бўшатишни бир неча кунга қасддан кечиктирадилар, ортга сурадилар.

Маямида жойлашган Sam’s Klubнинг юк қабул қилиш бўлими ходимларини бу каби найрангларни қандай тушиниш мумкин? Бу ҳолга биргина изоҳ бор – таъмагирлик. Бундан ўзга таъриф бериш мумкин эмас.

Дейлик, трок ҳайдовчиси “учар” бўлса, юк қабул қилиш бўлими ходимлари билан тезгина “тил топишса”, билингки, унинг ошиғи олчи. “Сендан угина – мендан бугина” деган ақидага амал қиладиган “ишбилармон” трок ҳайдовчисининг траиллири муддатидан олдин бўшатиб қўйилади, юк тушириш вақти келишига ҳам қараб ўтиришмайди, юкни беҳуда “инжикликларсиз”, ортиқча гап-сўзсиз  қабул қилиб олишади-қўйишади.

Аксинча, Sam’s Klubдагиларнинг “тилини билмаганлар” га эса қийин, вақтлари кўкка соврилади.

Қани, кўрайликчи, “тил билмаслардан бири” бўлган менинг юкларимни қачон туширишаркин?

Навбатдаги  кечаги кунни ҳам очликни давом эттириш билан ўтказдим.  Шу кунлар давомида фақат сув истеъмол қилаяпман, холос.

Камситишларга қарши қаратилган ушбу кураш йўлимни маъқулламаганлар, мийиғида кулганлар ҳам бўлди. Очиқдан-очиқ масхаратомуз кулганлар ҳам топилди. “Судга бериш керак эди” дегувчи маслаҳатгўйлар ҳам бор.

Қудратли савдо ташкилоти билан судлашиш нима эканлигини ҳорижда истиқомат қилаётганлар жуда яхши билишади: бой бериш муқаррар, ғолиб бўлиш машаққат.

Хўш, мана шунингдек шароитда сизнингча нима қилишим, қандай қўл тушиишм керак эди? Кўзимни кўр, қулоғимни кар қилиб, қўл силтаб кетишим керакмиди?

Кези келганда шуни ҳам эслатишни истардимки, мен АҚШга хусусий мулк орттириш, бойиш мақсадида пул топаман,  бизнес қиламан деб келган эмасман.

Мабодо, мақсадим мол-дунё орттириш бўлганида эди, Америкага қадам қўйишим биланоқ  енгилроқ иш топардим, инглиз тилини пухта ўрганишга зўр берардим, ўз касб илмимни такомиллаштириб, айни дамда йирик бизнес соҳибига айланардим,  дунё бўйлаб сайру саёҳатдан ортмаган бўлардим. Қўшқават кошоналар сотиб олган, аллақачонлар Боҳодирбой бўлиб юрган бўлардим….

Худога шукр, муҳожирликда ҳам ўз маслагимдан кечган эмасман. Бир умр фақатгина ўзбек халқининг яхши ҳаёт кечириши, келажаги порлоқ бўлиши ҳақида қайғуриб яшадим.

Ўз маслагим йўлида оғишган эмасман. АҚШга келган дақиқамдан бошлаб бир кун тугул, ҳатто бир соатимни ҳам беҳуда, бесамар ўтказмадим.

Ҳайдовчилик касбининг қийинчиликларига қарамасдан шу соҳада тер тўкдим. Шунинг баробарида қўлимдан келганча Ўзбекистондаги сафдошларимга кўмаклашдим, Ўзбекистон ичида ва ташқарисида озор чекаётган ватандошларим билан ҳамнафас бўлиб яшашга ҳаракат қилдим, миллатдошларим, халқимнинг дардига  малҳам топишга уриндим.

Худодан фақат халқим билан ҳамиша ҳамнафас яшашни, эл назаридан қолмасликни сўраган бўлардим. Тангрим мендан марҳаматини дариғ тутмаса дейман, миллатдошларим меҳрини қозонишни истайман.

Баҳодир Чориев,

катта юк машина ҳайдовчиси

ва “Бирдамлик” ҳаракатининг раиси

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares